01.12.2015

САМАРҚАНДДА КЕРАМИКА ПЛИТАЛАРИ ТАЙЁРЛАНАДИ

Истиқлол йилларида Самарқанд вилояти мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бирига айланди. Бугунги кунда мазкур ҳудудда «MAN», «Дака Текс», «Сам Антеп Гилам», «Pulsar Group Brewery», «Siyob saxоvati» каби кўплаб қўшма корхоналар ҳамда акционерлик жамиятлари фаолият юритмоқда.

Шаҳарнинг Фарҳод қўрғонида барпо этилаётган хориж корхонаси «Prime Ceramics» масъулияти чекланган жамияти эса йилига 2,75 миллион квадрат метр керамик плита ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, лойиҳа қиймати 25,38 миллион АҚШ доллари бўлган жамият ишлаб чиқариш имкониятлари бўйича Марказий Осиёда ягона корхона ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу корхонага 18,17 миллион АҚШ доллари миқдорида хориж сармояси жалб этилди.

— Корхонанинг биринчи навбати ишга тушгач, 154 нафар киши иш билан таъминланади, — дейди корхона бошқарувчиси Турсунқул Нурмуҳаммедов. — Ҳамкоримиз Россиядаги Волгоград керамика заводи томонидан Италияда ишлаб чиқарилган энг замонавий ускуналар келтирилди. Айни пайтда уларни ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Эътиборлиси, керамик плиталар ишлаб чиқариш учун каолин, кварц қуми, бентонит, мармар ушоғи каби асосий хомашёлар маҳаллий шароитда олинади. Корхонада ишлаб чиқариладиган керамик плиталарни дастлаб ички бозорга чиқариш, кейинчалик эса хорижга экспорт қилиниши режалаштириляпти.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: