йўлга қўйилди
Қадим-қадимдан Хоразм ширин-шакар қовунлари билан Шарқу Ғарбда машҳур бўлган. Аммо пахта якка ҳокимлиги замонларида бу тармоқ деярли унутилганди. Истиқлол йилларида воҳада полиз маҳсулотларини етиштириш қайта тараққий топди, йўқолиб бораётган қовун навларини қайта тиклаш борасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, қисқа даврда қадимги шуҳрат яна тикланди.
Ҳар йили қадим Хива шаҳрида ташкиллаштирилаётган «Қовун сайли» нафақат воҳа миришкорлари меҳнати самараси бўй кўрсатиши, балки юртимизнинг бетакрор ноз-неъматлар ўлкаси эканлигини хорижлик сайёҳларга намойиш этиш воситасига айланди.
— Ҳозирда фақат қовун етиштириш билан чекланиб қолаётганимиз йўқ, — дейди «Хоразм қовунлари» масъулияти чекланган жамияти раиси Саъдулла Хўжаев. — Балки қовундан турли-туман ноз-неъматлар, яъни қовун қоқи, қовун мураббоси ҳамда унинг уруғидан шарбат тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Бугунги кунда қовундан тайёрланаётган ноз-неъматлар сони 32 тага етди. Беговот қишлоғида 30 гектар ер майдони жамиятимизга ажратиб берилган. Бу ерда деҳқонлар етиштираётган қовунлар нафақат воҳа аҳлига, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.
Қовуннинг «Сариқ гулоби» нави таъми билан алоҳида ажралиб туради. Ўтган йили шундай нав қовунлар Жанубий Кореяга жўнатилди. Илк экспорт қилинган маҳсулотдан 162 минг АҚШ доллари миқдорида даромад олинди. Бу йил ҳам айнан шу навдаги қовунларни Корея Республикаси ва бошқа давлатларга юбориш борасида шартномалар тузилиб, илк маҳсулотлар аллақачон истеъмолчиларга етказиб берилди.
Рўзимбой ҲАСАН,
«Ўзбекистон овози» мухбири.