09.07.2015

ТОЗА ИЧИМЛИК СУВИ

таъминоти яхшиланмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига қараганда, ҳозирда ер юзи аҳолисининг қарийб 2,5 миллиарди тоза ичимлик суви тан­қислиги муаммосидан азият чекмоқда. Агар ичимлик сувини асраш масаласига жиддий эътибор қаратилмаса, муаммоларга ечим топилмаса, 20-25 йилдан кейин дунё­даги ҳар икки кишидан бирининг шу муаммога дуч келиши башорат қилинмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсонларда учрайдиган касалликларнинг 30 фоизи нотоза ичимлик суви истеъмол қилиш оқибатида пайдо бўлаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, тоза ичимлик суви ҳаётимизда нақадар муҳим аҳа­миятга эгалиги маълум бўлади. Шукрки, мамлакатимизда бу бебаҳо неъматга танқислик кузатилаётгани йўқ. Истиқлол йилларида  аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Навоий вилоятида ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Хусусан, ўтган йили Инвестиция дастурига асосан, вилоятимизнинг 8 туманига қиймати 9,2 миллиард сўм бўлган 128 километрлик «Дамхўжа» минтақалараро магистраль сув қувурлари тортилиши режалаштирилган эди. Жорий йилнинг 1 январида ушбу режа 100 фоизга бажарилди. Натижада Қизилтепа, Нурота, Навбаҳор, Хатирчи, Учқудуқ, Томди туманларида ва Навоий шаҳрида ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Шунингдек, жорий йил якунигача яна 9 туманда қиймати 15 миллиард сўм бўлган 149 километрлик сув қувурларини тортиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Ушбу ишлар якунига етгач, вилоятнинг 23 массиви ҳамда 30 қишлоғида яшовчи 55 минг аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади.

Сув — тириклик, ҳаёт, фаровонлик, тўкин-сочинлик манбаидир. Унинг ҳар бир томчисини асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ҳар биримиздан алоҳида масъулият ва эътибор талаб этади.

 

Фозилбек ҲАЙИТОВ,

Навоий вилояти «Сувоқова» ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи, халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: