02.04.2015

САЙЛОВЧИЛАР ФАОЛЛИГИ — ВАТАНГА ФИДОЙИЛИК ИФОДАСИ

Масару НАКАМУРА, «Фукуока-Ўзбекистон» дўстлик уюшмаси президенти, Фукуока шаҳри сайлов қўмитаси аъзоси (Япония):

– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни Тошкент шаҳридаги сайлов участкаларида бўл­дим. Сайлов очиқ, ошкора, ҳалол ва ҳаққоний, уюш-қоқлик билан ўтди.

Сайловларнинг муқобиллик асосида ўтиши демократиянинг муҳим талабларидандир. Ўзбекистонда ўтган Президент сайловида тўрт нафар номзод иштирок этганининг ўзиёқ бу тамойилга қатъий амал қилинганини кўрсатиб турибди. Сайлов Ўзбекистон халқининг сиёсий ва ҳуқуқий савияси қанчалик юқори эканини жаҳон жамоатчилиги олдида яққол намоён этди.

Ўзбекистон сайлов тизимида ўрнак олса арзигулик кўплаб жиҳатларни кўрдим. Сайлов участкаларида сайловчилар ва кузатувчилар учун яратилган қулайликлар, зарур ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт, она ва бола хоналари ҳамда бошқа шарт-шароит бунга ёрқин мисолдир.

Сайловни кузатиш асносида яна бир жиҳат эътиборимни тортди. Сайловга келиш имкони бўлмаган кекса ва бемор кишиларнинг турган жойига махсус қутилар олиб борилгани мамлакатингизда инсон манфаатлари, сайлов ҳуқуқларини таъминлашга катта эътибор қаратилишининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Зенонас ВАЙГАУСКАС, Литва Марказий сайлов комиссияси раиси:

– Ўзбекистонда Президент сайлови юксак савияда ўтди. Сайлов участкалари комиссиялари аъзолари овоз бераётган фуқароларнинг барча саволларига батафсил жавоб қайтарди. Сайловчилар фаоллик билан, эмин-эркин овоз берди.

Фуқароларнинг сайловда фаол иштирок этгани, куннинг биринчи ярмигача сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи овоз бериб бўлгани эътиборга сазовор. Бундай фаоллик халқингизнинг ўз Ватанига фидойилигини кўрсатади.  

Президентликка номзодларга сайлов кам­пания­си давомида тенг имкониятлар яратилганига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистонда сайловларни ташкил этиш тажрибасидан ўрнак олса арзийди. Биз ҳам бу борада мамлакатингиз соҳа мутахассислари билан ўза­ро тажриба алмашишдан, икки томонлама ҳамкорликни мус­таҳкамлашдан манфаатдормиз.

Вижай ЖОЛЛИ, «Бҳаратия Жаната» партиясининг ташқи алоқалар бўлими мувофиқлаштирувчиси (Ҳиндистон):

– Ўзбекистон мустақиллик йилларида саноатлашган, жадал тараққий этаётган мамлакатга айланди. Мамлакат иқтисодиёти бар-қарор ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлиги барча соҳада изчил тараққий этиб, мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. 

Ўзбекистонда Президент сайлови демократик тамойиллар, кўппартиявийлик ва муқобиллик асосида, очиқ ва ошкора руҳда ўтди.  Айниқса, фуқароларингизнинг сиёсий фаоллиги, сайловда ўзи истаган номзодга овоз беришга катта қизиқиш билан жиддий ёндашгани ҳавасимни келтирди. Бу Ўзбекистон аҳолисининг маънавияти, сиёсий, ҳуқуқий билим ва маданияти юксак эканидан далолатдир.

Алиҳайдар РЗАЕВ, халқаро кузатувчи (Бирлашган Араб Амирликлари):

— Мамлакатингиз ҳақи­да кўп эшитганман ва ўқиганман. Ўзбекистон ёшларининг фаоллиги, юрт равнақига камарбаста экани, одамларнинг ҳаётдан розилиги ва эртанги кунга ишончи менда катта таассурот қолдирди. Бу жиҳатлар Президент сайловида ҳам намоён бўлди.

Халқингизнинг тарихга эҳтироми, миллий қадриятларни тиклаш ва эъзозлаш, маданий ёдгорликларни асраб-авайлашга эътибори ҳурматга лойиқ. Бунга мен Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиш асносида яна бир карра амин бўлдим. Мазкур қадимий ва фусункор шаҳар жозибасидан руҳландим.

Ўзбекистонда автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳаларининг изчил ривожланаётгани мамлакатингиз иқтисодий салоҳиятини янада оширмоқда. Ўзбекистон халқаро савдо алоқаларида муҳим роль ўйнамоқда, юртингиз бизнес ва логистика марказларидан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон буюк истиқболга эришишига, тараққиётингиз янада юксалишига ишонамиз.

 

ЎзА мухбирлари

Ирода УМАРОВА,

Нодира МАНЗУРОВА

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: