31.03.2015

«МЕН ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИДА БИРИНЧИ МАРТА ОВОЗ БЕРДИМ...»

Куни кеча мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайлови бЎлиб Ўтди. Ҳар бир фуқаро консти­туциявий ҳуқуқидан фойда­ланиб, сайловда Ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди. сайлов жараёнида ёшлар, айниҚса, биринчи марта Қатнашаётган йигит-қизлар катта ҳаяжон ва чуқур масъулият билан иштирок этди. Мамлакатимиз аҲолисининг катта Қисмини ёшлар ташкил Қилади. демак, уларнинг овози сайловда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бекзод АРЗИЕВ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси:

— Мен биринчи марта сиёсий ҳуқуқимдан фойдаландим. Шунинг учун бўлса керак, сайловда катта ҳаяжон билан қатнашдим. Энди мен жамият ҳаётидаги сиёсий жараёнларнинг тенг-ҳуқуқли иштирокчиси бўлдим. Менинг овозим юртимизнинг эртанги тақдирини ҳал қилишда аҳамиятга эга. Албатта, бундай пайтда ҳар ким ҳам ҳаяжонланади, қувонади...

Эрта тонгданоқ сайлов участкаси томон ошиқар эканман, Президент кимлиги, ҳаётимизда унинг ўрни, аҳамиятини овоз бериш дақиқалари яқинлашгани сари янада чуқурроқ ҳис қилдим. Ўзим муносиб кўрган номзодга ишонч билан овоз беришим учун олдиндан номзодлар ҳақида, уларнинг дастурлари тўғрисида барча маълумотларга эга бўлдим. Тенгдошларим билан университетимизда сайлов бўйича ўтказилган барча тадбирларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилдим.

Сайлов куни фикримни бир жойга жамлаб, номзодлар дастурини яна бир бора таҳлил этдим, учрашувларда билдирилган мулоҳазаларни бирма-бир хаё­лимдан ўтказдим. Чунки мен қўллаб-қувватлаган номзод эртага халқ манфаатини кўзлаб иш тутадиган, ҳар томонлама етук, юксак салоҳиятли, эл-юрт фаровонлиги учун куйиб-ёнадиган инсон бўлиши кераклиги ҳақида ўйладим.

Муҳаммадсодиқ Сайфуллаев, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани:

— Биз ёшларнинг таълим-тарбия олишимиз, келажагимиз, эртанги тақдиримиз давлат раҳбарининг олиб борадиган сиёсатига боғлиқ. Демак, мамлакат Президентини сайлаш юксак масъулиятдир. Сайлов варақасига белги қўйишда энди мен ҳам жамият ҳаётидаги сиёсий жараёнларнинг тенг ҳуқуқли иштирокчиси эканлигимдан, менинг овозим инобатга олинишидан ўзгача фахр туйғусини туйдим.

Муносиб номзодга овоз беришда ўз мустақил фикримдан келиб чиқиб, холис муносабатимни эркин билдирдим. Бу орқали демократик қадриятларга бўлган қарашим янада юксалди. Демократик ислоҳотлар чуқурлашган, фуқаролик жамияти қарор топаётган мамлакат фарзанди эканимдан ғурурландим.

Наргиза Бакаева, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси:

— Мамлакатимизда биз, ёшларнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқимиз қонун билан мустаҳкамланган. Шунинг учун сайловда қатнашиш, ўз позициямни намоён этиш фуқаролик бурчим эканлигини овоз бериш яқинлашгани сари янада чуқурроқ ҳис этдим, сайловда фаол қатнашишга ҳаракат қилдим. Энг муҳими, шу орқали мен мамлакат, халқ манфаатига дахл­дор масала бўйича ўз хоҳиш-истагимни эркин баён этиш билан бирга мустақил фикр ва қарашларим асосида давлат бошқарувида иштирок этдим. Буни ҳар бир киши учун катта шараф, деб биламан.

Овоз бериш кабинасига кирар эканман, мен биринчи марта овоз бераётганим, фақат муносиб номзодни қўллаб-қувватлашим кераклиги ҳақида ўйладим. Олдиндан Президентликка номзодлар ҳақида кенг маълумотга эга бўлганим, сиёсий-ҳуқуқий билимимни бойитганим овоз бериш жараёнида қўл келди. Бу ўзим ишонган номзодни танлашим, тўғри хулоса чиқаришимга асос бўлди.    

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

тайёрлади.



Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: