19.02.2015

«ЖИЗЗАХ МИЗ»: ҚУЛАЙ ИНВЕСТИЦИОН МУҲИТ, ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

замонавий корхоналар барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш имконини бермоқда

«Жиззах» махсус индустриал зонаси хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этган ҳолда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналарни ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратишнинг муҳим омили бўлмоқда.

Бугунги кунда махсус индус­триал зонада дастлабки 2 та лойиҳа ишга туширилди. «Ўзбек­­энерго» ДАК билан хитойлик ишбилармонлар ҳамкорлигида ташкил этилган «Quyosh Issiqlik Energiyasi» қўшма корхонаси негизида йилига 15,0 минг дона қуёш энергияси ёрдамида сув иситиш тизимлари (коллекторлар) ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, унда 40 нафар жиззахлик ёшларни ишга қабул қилиш имконияти яратилди.

Шунингдек, махсус индустриал зонанинг Сирдарё филиалида фаолиятини бошлаган «WAP» қўшма корхонасида йилига 1,2 миллион дона сантехника буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 100 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди. Корхона ёрлиғи билан чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи бевосита экс­портга йўналтирилади.

Бундан ташқари, «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида яна 10 та лойиҳа бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Жорий йилда ушбу лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига маиший элек­тротехника товарлари, банк терминаллари, видео ва IP-телефонлар, ахборот коммуникация тизимлари учун замонавий ускуна ва аксессуарлар, иссиқ ва совуқ сув трубалари каби бир қатор импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Ҳозирда Хитойнинг «Xinjiang Nixan International Logistics Co. Ltd» компанияси билан маҳаллий «Sell Scnew Products» корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган лойиҳа қиймати 4,0 миллион АҚШ долларига тенг бўлган завод қурилишида ишлаяпман, — дейди ўтган йили касб-ҳунар коллежини тамомлаган Маъмуржон Рахматов. Ушбу лойиҳа амалга ошгач, корхонада йилига 2 минг тонна турли хил шруплар ва минг­лаб тонна металл профиллар ишлаб чиқарилади. Қувонарли жиҳати, завод иш бошлаши билан мен тенги жиззахлик ёшлардан 70 нафари доимий иш билан таъминланади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 35 фоиздан кўпроғини хорижга экспорт қилиш кўзда тутилган.

Қачонлардир Жиззахдан ўтган Буюк ипак йўли орқали хитойлик савдогарлар Европага маҳсулот олиб борганлиги тарихдан маълум. Эндиликда аждодлари изидан бориб, Жиззахга келган хитойлик мутахассис Жанг Пу Бинни суҳбатга тортдик.

Ўтган йилнинг август ойидан буён Жиззахда яшаяпман, — дейди у. — Шаҳар ва унинг меҳмондўст одамлари менга ёқди. Махсус индустриал зонада барпо этилаётган қўшма корхонамизда технологик ускуналарни ўрнатишда иштирок этяпман. Бу ерда солиқ ва божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар хорижий инвесторлар қизиқишини тобора орттирмоқда.

...Бугун «Жиззах» МИЗ ҳудудида бўлаётган ўзгаришлар, қад ростлаётган замонавий корхоналарни кўриб кўз қувонади. Янги иш ўринлари яратилиши ҳисобига аҳоли турмушига файзу барака кираётганини кўриб, кўнгил янада равшан бўлади.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: