07.10.2014

ТИНЧЛИК ҲУКМРОН МАМЛАКАТДА ТУРИЗМ ҲАМ РИВОЖЛАНАДИ

Кеча «Ўзэкспомарказ»да «Ипак йўлидаги туризм»  XX Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси очилди.

«Ўзбектуризм» миллий компанияси ва «Буюк ипак йўли» реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилган мазкур форумнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Жаҳонда барча турдаги сайёҳлик хизмати кўрсатадиган компанияларни бирлаштирадиган мазкур ихтисослаштирилган кўргазма мамлакатимиз ва чет эл сайёҳлик бизнеси мутахассислари учун мўлжалланган. Бу йил ярмаркада Жанубий Корея, Испания, Австрия, Швейцария, Ҳиндистон, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Сингапур, Венгрия, Чехия, Руминия, Латвия, Польша, Индонезия, Эрон, Туркия каби дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатидан кўплаб фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.

— Ўзбекистоннинг сайёҳлик бозори биз учун ғоят истиқболли. Мамлакатингиз сайёҳлик салоҳияти изчил юксалиб бораётир, — дейди Бирлашган Араб Амирликлари «Alpha Tours» компанияси бошқарувчи директори Аднан Ариди. —  Ўзбекистондаги  тинч ва осуда, фаровон ҳаёт сайёҳларнинг бу юртга саёҳат қилишга бўлган иштиёқини оширмоқда. Юртингизда сайёҳликни жадал тараққий эттириш учун барча омиллар мавжуд. Биз ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдормиз.

Ярмаркадан ўрин олган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат миллий павильони»да мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ўнлаб сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этмоқда. Экспозициядан Ўзбекистоннинг ҳудудий маъмуриятлари ва сайёҳлик компаниялари билан бир қаторда ўқув ва соғломлаштириш марказлари, театрлар, музейлар, сайёҳлик агентликлари, «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг ҳудудий бўлимлари, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ҳам ўрин олган.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, энг яхши сервис, энг яхши дизайн, кўп йиллик ва сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишларда танловлар бўлиб ўтади.

 

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: