22.04.2014

ТИНЧЛИК-ОМОНЛИК ШУКРОНАСИ

Президентимизнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонини ўқиб, бундай даражадаги эътибордан жуда қувондим, кўнглим тоғдек кўтарилди, шукроналик туйғуларидан ҳаяжонга тушдим.

Эсимда, ўн бир нафар бола мактабнинг 10-синфида ўқирдик. Ўз хоҳишимиз билан урушга жўнатинг, деб ариза берганмиз. Эртаси куниёқ рухсат тегди. Поездда фронтга жўнаб кетдик.

Россия, Белорусь, Польша, Германия жанггоҳларида бўлдик. Уруш ўз номи билан уруш-да. Атиги тўрт киши жангдан омон қайтдик. Келишим билан хизматга киришдим. Кўп вазифаларда ишладим. Уруш асоратларини тугатиш, издан чиққан ҳаётни ўнглаш учун куну тун меҳнат қилдик... Турли мусибатларни бошимиздан ўтказдик. Худога шукр, ҳурлик замонларга етдик, ҳақиқий қадр топдик. Давлатимиз ва жамоатчиликнинг бизга эътиборини доим ҳис этиб турибмиз. Урушда қатнашган жангчиларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида ёдгорликлар яратилди, китоб чоп эттирилди. Очиғини айтай, бу хайрли ишларнинг ҳаммаси Президентимизнинг ташаббуси билан бўлмоқда.

Ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш қатнашчиларига яна бир бор алоҳида ҳурмат кўрсатилиб келинмоқда. Биз бу эътиборни яхши ҳис қиламиз, жуда қадрлаймиз.

Яна бир гапни айтмасам бўлмайди. Мустақиллик даврида ҳарбий хизматни ўтаётган фарзандларимизни кўриб, кўзимга ёш қалқийди. Биз замонавий техникаларни ишлатишни билмас эдик. Ҳозирги ёшлар эса нафақат ҳарбий билимларни, балки замонавий фан-техника воситаларидан ҳам мустақил фойдалана олишади. Биз, уруш қатнашчилари тинчлик замонида шундай буюк бунёдкорлик ишларини, айниқса, ёшларимизнинг халқаро майдонларда қўлга киритаётган ютуқларини кўриб, Яратганга беадад шукроналар айтамиз. Биз учун энг катта мукофот шу эмасми?..

Юртимизда ёшларга, кексаларга, айниқса, кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган эътибор, ёрдамни четдан келганлар ҳам кўп эътироф этишади. Ҳақиқатан ҳам юртимизда чинакам инсонпарварлик сиёсати юритилмоқда. Мен ҳозир ҳам қўлимдан келгунча элимга, юртимга хизмат қилай, дейман. Илоҳим, Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Тинчлигимиз ва ободлигимиз учун меҳнат қилаётганларнинг бошлари омон бўлсин!

Мадаминжон ҲАСАНОВ,

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: