«Ўзтрансгаз» акционерлик компанияси томонидан «Республикамиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, асосий вазифалар ва истиқболдаги режалар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда компаниянинг масъул ходимлари иштирок этди.
— Ўтган йилги куз-қиш мавсумида юзага келган муаммоли ҳолатлар юзасидан келиб чиққан ҳолда 2014-2015 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб юборилди, — дейди компания директори ўринбосари вазифасини бажарувчи Акмал Эшонқулов. — Мавсумга тайёргарлик ҳамда республика тақсимоти тизими ишончлилигини ошириш мақсадида жорий йилнинг 1 сентябрига қадар бир қатор ташкилий техник тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Чунончи, мавжуд газ қувурларининг 112,6 километр қисми капитал таъмирланади ва 139,1 километр қисми реконструкция қилинади. 75441 газ тақсимлаш пункти техник ревизиядан ўтказилади, 125 таси капитал таъмирланади. Ер ости газ қувурларининг 8213,7 километр қисми босим остида синалади ва 6179 километр узунликдаги газ қувурлари асбоблар ёрдамида техник диагностикадан ўтказилади. Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун компания томонидан жорий йилда 30 миллиард 921 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Айтиш жоизки, аҳолини газ билан таъминлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Республика газ таъминоти тизимини 2013-2015 йиллар давомида истиқболли ривожлантириш ҳамда мавжуд тизимини янада такомиллаштириш дастури»га асосан газ қувурлари ва ундаги иншоотларда содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш учун ҳудудий газ таъминоти корхоналарига 14 та экскаватор механизмлари, авария диспетчерлик хизматлари тезкорлигини ошириш мақсадида 150 дона «DAMAS VAN» фургони харид қилинди.
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб берилишида узулишларнинг олдини олиш мақсадида жойларга 564 минг 277 дона янги айланма газ баллонлари, 130 дона газ баллонлари ташувчи «Isuzu» махсус автомашиналари, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига суюлтирилган газни ташиб чиқариш учун 10 дона «MAN» автомашиналари етказиб берилди. Яшаш пунктларига яқин ҳудудларга 22 та янги газ баллонлари сотиш сервис марказлари қуриб ишга туширилди.
Жорий йил 25 августгача жойларда қўшимча 20 та маиший газ баллонларига суюлтирилган газ тўлдириш пунктлари қурилади. Йил охиригача эса аҳоли хонадонларига янада қулайликлар яратиш мақсадида газ таъминоти корхоналарига жами 600 мингта айланма маиший газ баллонлари етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Тадбир сўнггида компаниянинг масъул ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.