23.01.2014

СОҒЛОМ БОЛАГА МАКТУБ

Азиз болажон! Янги 2014 йил Президентимиз томонидан «Соғлом бола йили» деб эълон қилинди. Ўйлайманки, бундан бағоятда мамнунсан. Шуни унутмаки, нафақат бу йил, балки Истиқлолнинг ҳар бир куни сенинг кунинг, ҳар бир йили сенинг йилингдир. Мустақилликнинг ҳар лаҳзаси келажак эгалари бўлган болалар учун янги бир саҳифа. Кел, шу ўринда маънавий меросимизга мурожаат қилиб кўрайлик.

Болажон сен аввало, боболаринг ёзган битикларни ўқи! Уларнинг кўп ёзуқларида сен борсан. Ҳали кучга ва ақлга тўлсанг, буларнинг барчасига ўзинг ишонч ҳосил қиласан.

Биринчи сабоқ — Ибн Сино асарлари. У оиладаги бола тарбиясини ота-онанинг жамиятда тутган мавқеидан қатъи назар, уларнинг бирламчи вазифаси, деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, ота-она мансабдорми ёки оддий фуқароми, барибир, бола тарбияси борасида жавобгар. Шунингдек, ота-оналар болани қаттиқ тан жазосидан кўра, шахсий ибрат орқали тарбиялаши, яъни нафақат сўз билан, балки амалда ҳам бола руҳига таъсир кўрсатмоғи лозим.

Иккинчи сабоқ — Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асаридир. Унда ёзилишича, фарзанд кўриш ва унга тарбия бериш ҳар бир инсон учун буюк бахтдир, уларсиз ҳаётнинг маъноси йўқ. Лекин бу ота-она зиммасига жуда катта масъулият юклайдики, унинг уддасидан чиқмоқ, ҳар бир ота-она учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Шунинг учун ҳам Юсуф Хос Ҳожиб оилавий тарбияни бола ахлоқий тараққиётининг асоси, деб ҳисоблаган: «Агар боланинг хулқи ёмон бўлса, бунда боланинг айби йўқдир». Бунга ота-она, айниқса, ота катта эътибор бермоғи лозим. Яна унинг одам ким бўлишидан қатъи назар, шоҳми, гадоми, аввало, инсон бўлиши керак, чунки «дунёда ўлмас бўлиб, фақат инсонийлик қолади», деган сўзларининг маъносига ет. Зеро, «Яхши ахлоқий фазилатларга эга киши — ҳар қандай қимматбаҳо дурлардан ҳам қимматлидир».

Учинчи сабоқ — донишманд ­Кайковус 63 ёшида ўғлига атаб ёзган «Қобуснома» асаридир. Унда бола тарбияси, оилавий ҳаёт, шахс камолоти масалалари баён этилган. Унинг ёзишича, «Ҳар бир фарзандки, оқил ва доно бўлса, ота-она меҳр-муҳаббатини адо этмакдин бош тортмагай». У бу борада «Нима эксанг, шуни ўрасан» деган мақолни ишлатиб, оилада бола тарбияси ана шу ғоя асосида олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаган.

Тўртинчи сабоқ — маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзган «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» китобидир. Унда оилада бола тарбияси ҳақида гап боради. Аллома тарбия жараёнида оила ва жамоатчиликнинг ўрнини алоҳида таъкидлайди. Унинг фикрича, болаларда ахлоқий хислатларнинг таркиб топишида ижтимоий муҳит, оилавий шароит ва боланинг атрофидаги кишилар ғоят катта аҳамиятга эга. Кейин боланинг шахс сифатларига тўхталиб, унда оиланинг ролини кўрсатар экан, «Қуш уясида кўрганини қиладур», — дейди. «Инсон жавҳари қобилдир, агар яхши тарбия топиб, бузуқ хулқлардан сақланиб, гўзал хулқларга одатланиб катта бўлса, ҳар ким қошида мақбул, бахтиёр бир инсон бўлиб чиқар», деб ёзади. Демак,  мутафаккир бобокалонимиз, сенинг тарбиянгда оиланинг ролини бирламчи қилиб қўяди: «... тарбияни туғилган кундан бошламоқ лозим экан. Тарбияни ким қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга биринчи уй тарбия­си — бу она вазифасидир. Иккинчи мактаб ва мадраса тарбияси — бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидир, — деган жавоб берсак» деб ёзади ўз асарида.

Агар шулардан бохабар бўлсанг, сенга эътиборнинг қачондан бошланганлигини тушуниб етасан. Ке­йин дунё ёзувчиларининг асарларини ўқишни ҳам унутма. Чунки олам кенг ва унинг ҳар бурчагида фарзандларини қадрловчи кишилар истиқомат қилишади. Лекин бизнинг юртдек болажон ва болақалб халқ бошқа ерда йўқ.   

Шубҳасиз, Соғлом бола йилида сенинг олдингда улкан вазифалар турибди. Аввало, танинг ва руҳингни асра. Ота-онага, юртга меҳр қўйишни ўрган. Чунки шарқда оила муқаддас саналади. Кун келиб ҳали ўзинг бу дунё ғаройиботларидан хабардор бўласан. Дунё сенга, ота-онангга қай кўз билан қараётганини англайсан.

 Сабоқларимиз сўнгида қуйидаги маълумотни келтирмоқчиман. ­Жа­ҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ­экспертларининг ҳисоботига кўра, «Болаларни асранг» («Save the children») халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида 161 давлат орасида Ўзбекистон болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатаётган энг илғор ўн мамлакат қаторига киритилган. Бу ўз нав­батида Юртбошимизнинг сенга кўрсатаётган ғамхўрлигининг бир кўринишидир.

Хулосани ўзингга қолдираман. Сен эса бу ҳаётда ота-онанг санъаткор, сен — санъат асари, тарбия жараёни эса санъатнинг ўзи эканлигини зинҳор унутмасанг, бас. Бу оламда борлигинг муборак бўлсин!

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

ЎзМУ журналистика факультети магистранти.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: