04.01.2014

ҲАР БИР БОЛА ИЛМ ОЛИШГА, ДУНЁНИ БИЛИШГА ҲАҚЛИ

Ҳаётда шундай ҳоллар бўладики, тақдир тақозоси билан айрим болаларнинг жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсонлар кўзга ташланади. Бундай болаларни соғ­ломлаштириш, уларга зарур таълим-тарбия бериш, жамиятга қўшилиб кетишига ёрдамлашиш — долзарб масала. Шунинг учун Халқ таълими вазирлиги тизимидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган муассасаларда (мактаб, мактаб-интернатлар) уларга мослаштирилган тарзда таълим-тарбия берилади. Зеро, дунёга келган ҳар бир бола илм олишга, дунёни билишга, орзу-ният қилиб, унга эришишга, муносиб ҳаёт кечиришга ҳақли. Бу инсоннинг энг олий ҳуқуқидир.

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бор болага таълим-тарбия бериш, даволаш ишларини ташкил этиш оддий вазифа эмас. У биринчи навбатда бир инсоннинг, бир оиланинг тақдири, эртанги куни билан бевосита боғлиқ бўлган ўта жиддий, масъулиятли масала. Шу боис мамлакатимизда мазкур йўналишдаги ишларни қонуний асосда юқори даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари томонидан «Болаларни ихтисослаштирилган муассасаларга (мактаб, мактаб-интернатларга) юбориш бўйича психологик-тиббий-педагогик ко­миссиялар тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Эндиликда имкония­ти чекланган болаларни ихтисослаштирилган муассасаларга юбориш бўйи­ча психологик-тиббий-педагогик комиссиялар ташкил этилади. Мазкур комиссиялар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таъли­ми вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқар­малари ҳузурида тузилиб, жамоат­чилик асосида фаолият юритади.

Комиссия қарорлар қабул қилишда холислик, очиқлик, ошкоралик ва коллегиаллик тамо­йилларига асосланади, дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирилиги Болалар­ни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилиш шўъбаси етакчи назоратчиси Азизбек Муталиев. Махсус комиссиянинг мақсади 5 ёшдан 18 ёшгача бўл­ган жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бор болаларни аниқлаш ва уларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига (5-7 ёшдаги болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳузуридаги тайёрлов гуруҳларига) юбориш учун хулоса беришдан иборат.

Шу кунга қадар комиссия вилоят халқ таълими ва тиббиёт бош­қармаларининг қўшма қарорига асосан фаолият юритган. Болаларни имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган муассасаларга (мактаб, мактаб-интернатларга) юбориш бўйича психологик-тиббий-педагогик комиссиялар тўғрисидаги низом тасдиқланиши эса бу борадаги ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлади. Эндиликда комиссия болалардаги нуқсонларни аниқлаш учун ота-оналар ёки уларнинг ўр­нини босувчи шахслар иштирокида кўрикдан ўтказади. Бу жараёнда улар билан бевосита мулоқот қилиб, нусқонларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва яшаш жойидаги шифохона шифокорлари томонидан қўйилган ташхиснинг ишончлилигини ўр­ганади.

Болаларнинг ривожланишидаги нуқсонларни комплекс равишда текшириш натижалари асосида уларнинг имкониятлари аниқлангач, комиссия уларни тегишли ихтисослаштирилган муассасаларга юбориш учун хулоса беради. Бундан ташқари, болани бир ихтисослаштирилган таълим муассасасидан бошқасига ёки уйғунлашган шароитда таълим олиши учун умумтаълим муассасасига ўтказиш ҳам айнан мазкур комиссия хулосаси орқали амалга оширилади.

Комиссия халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаларининг қўшма қарорига асосан ҳар йили май ойининг 20 санасига қадар тузилади. Унинг таркибига киритилган мутахассис келгуси икки йил мобайнида яна комиссияга аъзо сифатида кирити­лиши мумкин эмас. (Раис, раис ўринбосари ва котиб бундан мус­тасно).

— Комиссия таркибига қандай мутахассислар киради, деган савол кўпчиликни қизиқтириши та­биий, албатта.

— Низомга мувофиқ, комиссия камида 7 нафар аъзодан иборат бўлади. Унинг таркибига олий маълумотга ҳамда камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали психолог, педагог-дефектолог, психоневролог, ортопед, оториноларинголог, окулист каби мутахассислар киритилади. Қоида тариқасида комиссия раиси этиб халқ таълими бош­қармаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари тайинланади.

— Шу ўринда яна бир савол туғилади: комиссия хулосасини олиш учун боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қандай ҳужжатларни тақдим этишлари керак ва комиссия уларни қай тартибда кўриб чиқади?

— Боланинг ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахслар томонидан комиссияга ариза, боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси, таълим олганлиги тўғ­рисидаги ҳужжат ҳамда ўқиш жо­йидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кў­мак бериш борасида амалга оши­рилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс этган маълумотнома ва тавсифнома, шунинг­дек, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма шифокор томонидан имзоланган ҳолда тақдим этилади.

Комиссия аъзолари томонидан болалар кўрикдан ўтказилиб, нуқсонларни тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганиш натижасида жисмоний ёки руҳий нуқсонига қўйилган ташхис ўз тасдиғини топса, уларни тегишли ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юбориш юзасидан хулоса берилади.

Комиссия хулосаси боланинг таълим олиши учун махсус шароитларга эга бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланади. Маълумот ўрнида таъкидлаш ўринлики, текширув ўтказилгач, комиссия йиғилиши баённомаси ота-оналар ёки уларнинг ўр­нини босувчи шахсларга беш кун ичида берилиши шарт.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: