01.01.2014

СОҒЛОМ БОЛАЛАР КУЛГУСИ ЯНГРАЙВЕРСИН

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан суҳбат

Президентимиз 2014 йилни «Соғлом бола йили» деб эълон қилди. Бу хушхабарни эшитганингизда кўнглингиздан қандай ўйлар ўтди?

— Эшитибоқ, ниҳоятда суюниб кетдим. Тўғри, фарзандларимиз саломатлигини асраш масаласига мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлабоқ катта аҳамият бериб келинмоқда. Бу борада республикамизда амалга оширилаётган ишларни чет эллик таниқли эксперт ва мутахассислар ҳам аллақачон эътироф этиб бўлишди. Шунга қарамай, фарзандларимизнинг ҳар томонлама эъзозда бўлиб ул­ғайишларига эътиборни янада кучайтиришни мақсад қилганимиз олқишга сазовордир.

Болалар оламида қувноқлик, беғуборлик, самимият доим қуёшдек порлаб туради, жуда ҳароратли олам бу. Кичкинтойларнинг биз катталардан асосий фарқи – ишонувчанлигида, эргашувчанлигида, ўта таъсирчанлигида. Уларнинг ҳатто алдовлари ҳам ёқимли.

Фарзандларимиз нафақат жисмонан, балки маънавий жиҳатдан ҳам баркамол бўлмоғи лозимлигини Юртбошимиз алоҳида қайд этган. Бунинг замирида қандай маъно бор?

— Юртнинг тўлақонли фуқароси бўлиш учун жисмонан бақувватликнинг ўзи камлик қилади. Инсоннинг руҳини кўтаришда, уни эзгу ишларга йўналтиришда, қадриятларни асрашга ундашда маънавий етукликка тенг кела оладиган куч йўқ. Юртни юрт, миллатни миллат қилиб туришда шу икки омилнинг уйғунлиги жуда муҳимдир.

Ўз оиласини севмайдиган, унинг шаънини асрашга астойдил интилмайдиган кишини топиш қийин. Курашда битта полвонга бас келиб-келмайдиган одам, агар рақиблари унинг оиласига тажовуз қиладиган бўлса, ўн киши  билан ҳам тенгма-тенг олишади. Фарзандларимизни паҳлавон қилиб улғайтириш билан бирга, юртини, ўз хонадонини, халқини ўз жигарбандлари даражасида севадиган, уларнинг шаънини жон-жаҳди билан асрашга қодир қилиб тарбиялай олсак, ютуқ бизники.

Жисмоний бақувватлик ҳар икки тоифа учун ҳам бирдек зарур ва фойдалидир. Тўғри, қизларга нисбатан бошқачароқ талаблар ҳам бор. Улар аввало юксак ахлоқи, рўзғордаги бежирим тутуми, пазандаю чеварлиги, меҳру вафоси билан ўз хонадонини қанчалар севимли қила олишса, оилалар шунча мустаҳкам, фарзандлар шунча бахтиёр бўлиб бораверади. Юртга бўлган фидойилик оилага бўлган фидойиликдан бошланади.

Сизнинг болалик даврингиз ҳозирги болалар ҳаётидан нималари билан фарқ қилади?

— Энг муҳими – бугунги болаларнинг фақат ўзига тегишли бўлган мустақил юрти бор. Бир пайтлар йўқликка юз тута бошлаган она тилимиз энди давлат тилига айланди. Бу юрт­да энг олдин нималар қилиш, қаёққа қараб юриш кераклигини энди уларнинг ота-оналари, ака-опалари белгилайди. Жумладан, фарзандларимизни ўз удум ва қадриятларимиз асосида ўзимизники қилиб тарбиялаш имконига эга бўлдик.

Собиқ тузум даврида «Ҳамма яхши нарсалар – болаларга!» деган шиор бўларди. Қоғозда кўп нарсаларни режалаштириш мумкин, аммо, одатда, амалдаги ишларга қараб хулоса чиқарилади, баҳо берилади. Мустақилликдан сўнг биргина халқ таълими соҳасидаги ўзгаришларни оладиган бўлсак, шунинг ўзини буюк бир янгилик деса бўлади. Бу таълим ислоҳотлари ўз меваларини бера бошлади. Болаларимиз халқаро Менделеев олимпиадасида муносиб қатнашиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди. Президентимизнинг болалар спортига бераётган юксак эътибори ва ғамхўрлиги туфайли 2013 йилда футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионатида чорак финалгача етиб борди. Ўсмирлар терма жамоаси эса нимчорак финалга чиқди. Бу ютуқлар барчамизни қувонтиради, албатта.

Эски даврда спорт мактаблари ҳам, йирикроқ спорт иншоотлари ҳам асосан Тош­кент­да эди. Бугунги кунда туман марказлари тугул, чекка қишлоқларда ҳам замонавий стадионлар қурилмоқда, спорт залига эга бўлмаган мактаб қолмади ҳисоб, уларда малакали мураббийлар спортнинг турли йўналишларида машғулот олиб бормоқда. Халқаро мусобақаларда зафар қучаётган спортчиларимизнинг аксарияти қишлоқлардан етишиб чиқаётгани бунга яққол мисолдир.

Қишлоқ врачлик пунктлари кўпайиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланаётгани, малакали шифокорлар билан таъминланаётгани фарзандларимизнинг соғлигини муҳофаза этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ўйлайман. Чақалоқлар бир ёшга етмасиданоқ етти хил касалликка қарши эмланаётганининг ўзи мақтовга сазовор ҳолат. Уларни ёзнинг иссиғидан, айниқса қишнинг совуғидан асраш қанчалар муҳим бўлса, турли касалликларнинг олдини олиш ҳам шунчалар долзарбдир.

Ҳозирги адабиётимиз, айниқса болалар адабиёти фарзандларимизни эл-юрт­га садоқатли қилиб тарбия­лашда қандай хизмат қилмоқда?

— Болалар адиблари мустақилликдан аввал ҳам ўз эркимизни қўлга киритиш учун кураш мавзусини сатрлар остига яшириб бўлса ҳам баён қилиб келишган. Мустақилликдан сўнг халқимиз бошига қўнган саодатни кўпроқ шеъриятда, публицистик йўналишда баралла тараннум эта бошлашди. Йирикроқ насрий асарлар яратиш учун кўпроқ вақт талаб қилиниши табиий ҳол. Ҳозирда бу борада Худойберди Тўхтабоев ва Миразиз Аъзам кўзга кўринарли ишлар қилишди. Ҳамма умидимиз – янги замонда улға­йиб, янгича фикр­лаб яшаётган ёш ижодкорлардан. Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон боғида ўтказилган семинарларда замонамизнинг ҳақиқий куйчиларига айланиб бораётган ўнлаб ёш ижодкорлар кашф этилди, уларнинг китоб­лари давлат маблағи ҳисобидан катта нусхаларда чоп этиб келинмоқда. Бу азаматлар фарзандларимизни маънавий баркамол қилиб тар­бия­лашга хизмат қилувчи пухта асарлар яратибгина қолмай, ҳадемай адабиётимизни дунёга олиб чиқиб, мамлакатимиз ва миллатимиз обрўйини янада юксакка кўтара олишига шубҳа йўқ.

Ёшимиз ўтиб бораётган эса-да, адиб деган номни оқлаб туришга кучимиз етганича уриниб келяпмиз. Болаларга аталган газета-журналларда шеърларим чиқиб турибди. Ўтган йил «Ўқитувчи» нашриётида «Жажжи-жажжи кулчалар» деган шеърий китобим чоп этилди. Янги йилда «Янги аср авлоди» нашриётида болаларга аталган насрий асарларимни туркум китоб қилиб босиш мўлжалланган, ҳозирда босмахонага тушиш арафасида турибди.

Минг шукрки, тинчгина бошпанам бор, тирикчиликдан камчилик йўқ, яхшигина пенсия оляпман. Болаларимизни қувонтириш йўлида яна тинмай ёзаверишга, уларни қалам ҳақи олмасдан ҳам китоб қилиб чиқаришга тайёрман.

Болаларимизга қандай тилакларингиз бор?

— Энг аввало, уларнинг бахтига юртимиз абадул-абад тинч бўлсин, ота-оналари соғ-саломат бўлишсин. Мамлакатимиз бундан-да ободлашиб, гўзаллашиб бораверишига шубҳа йўқ, аммо болаларнинг шодон чеҳралари, янгроқ кулгиларисиз булар ҳеч биримизга татимаслиги ҳам бор гап. Фарзандларимизнинг бахти ва камолини кўриб яшаш барчамизга насиб этаверсин.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: