Яккабоғ Қашқадарё вилоятининг жадал ривожланаётган туманларидан бири. Бугун ушбу ҳудудда ҳар бир соҳада янгиланиш, тараққиёт нафаси кезмоқда. Бунёдкорлик, ободлик халқнинг тинч ва фаровон ҳаётига ўзгача файз бағишламоқда.
Деҳқон ва фермерларнинг фидокорона меҳнати туфайли пахта ва ғалладан юқори ҳосил кўтарилди. Туманда намунавий лойиҳалар асосида уйлар қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ҳозиргача 204 та ана шундай уй бунёд этилган бўлса, келгуси йил яна 80 дан ортиқ уй қурилиши режалаштирилган.
ЎзХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси Неъмат Жумаевни туманда ҳамма танийди. Узоқ йиллар раҳбар бўлган, кўп яхши ишлар, тўй-маъраканинг бошида турган, ернинг тилини, деҳқоннинг дилини биладиганлардан. Бироз ўжар, қатъиятли. Шу туфайли, аввал далага бошлаганида, раъйини қайтаролмадим...
Чап ёқасида теракзорлар бўй чўзган йўлнинг ўнг томони кафтдек текис майдонлар. Дала бошида трактор, ўғит юклайдиган тиркамалар, одамлар... Узоқдан Сандал қишлоғининг уйлари элас-элас кўзга ташланади. Ўша куни Яккабоғлик қишлоқ ва сув хўжалиги, агрокимё хизмати кўрсатиш соҳалари мутахассислари, фермерлар кузги ғаллани қандай экишни амалда синаб кўришаётган экан.
Фермер Холмирза Туропов 225 гектар ерда деҳқончилик қилиб, ғалла ва пахтадан мўл ҳосил кўтарибди. Даромади ҳам яхши. Қутлуғ ният билан уруғ сочаётган деҳқонлар қаватига бораман. Хориждан келтирилган янги сеялка уларга маъқул. Айримлар билан суҳбатлашамиз.
— Қийинчиликлар бўлди, сув етишмади, аммо умидсизликка тушмадик, — дейди «Улаш ҳожи» фермер хўжалиги раиси Тўлқин Жалилов. — Одамларимиз ўзларини аямай меҳнат қилишди. Натижада ғалла ҳосилдорлиги 80 центнердан ошди. Пахта ҳосилдорлиги эса 40 центнерни ташкил қилди. 6 та техникамиз бор. Бир нечтасини лизингга олганмиз. Бундай шароит қаерда бор? Юртбошимизга раҳмат! У кишининг халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида айтган ушбу гапларини доимо ёдимда сақлайман.
Бу дунёда ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшаш керак. Агар ҳар қайси инсон — у фермер бўладими, тадбиркор бўладими — ўзининг ҳалол меҳнати билан даромад топаётган, бойлик орттираётган бўлса, қандини урсин...
Бундан ортиқ қандай рағбат керак, ахир!
— Мана шундай меҳри дарё одамлар яшайди Яккабоғда, — дейди Неъмат Жумаев. — Астойдил меҳнат қилгач, янги уй қурсин, тўй қилсин! Қишлоқларни обод қилишга ҳиссасини қўшсин.
Энди, юринг, ана шу одамлар орзу қилган, қурдираётган янги қишлоқ уйларини кўрамиз.
Кўп юрмадик, Сандал ҚФЙ ҳудудига етиб келдик. Бу ерда 20 та янги уй эгаларига топширилибди. Яна шунчасининг қурилиши ниҳоясига етиб қолган экан. Шундан 10 та уй қурилишини «Яккабоғгирмонтаж» МЧЖ олиб боряпти. Иш бошқарувчи Турди Маҳматқулов ўттиз беш ёшда, Тошкент архитектура ва қурилиш институтини битирган.
— Яккабоққа келгунимча, тажрибали қурувчилардан иш ўргандим, — дейди Турди Маҳматқулов. — Чунки бугун талаб юқори, қурилишга муносабат бошқача. Одамларнинг диди баланд. Келинг, намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларни олайлик. Лойиҳалар мукаммал ишланган. Албатта, кўп бора синовдан ўтган, танланган. Кейинги пайтда бир қаватли 3-4 хонали уйларга талаб кўпайиб бораяпти. Демак, Юртбошимиз айтганларидек, бир неча авлод истиқомат қила оладиган, мустаҳкам, кўркам уйларни тиклашимиз лозим. Қуриб битказилган ана шу 10 та уйдан бирор киши норози бўлган эмас.
— Уй қурилишидан кўнглим тўлди, — дейди Жуманазар Шералиев. — Сифатли ғиштдан фойдаланилди. 4 хона уйнинг иккитаси болалар хонаси. Ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, ювиниш хонаси алоҳида. Ичимлик суви, электр, газ тортилган. Одам муносиб яшаши учун ҳамма шароит бор.
Туман ҳокимлиги қурилиш ишлари бўйича бош мутахассиси Дамин Рўзиевнинг айтишича, бу йил қурилаётган 54 та уй бирин-кетин эгаларига топширилмоқда.
Битган 14 та уй ярқираб турибди. Уларни «Жавоҳир Нуртранс» ихтисослашган қурилиш ташкилоти барпо этибди. Шу жойда Актам Бобомуродов билан танишдик.
— Давлатимиз имтиёзли кредит маблағи ажратаётгани кўпчиликка қўл келмоқда, — дейди у. — Дунё тажрибасини кузатганимизда ҳам бундай кам фоизли кредит йўқ. Бизда эса исталган киши ана шундай имтиёздан фойдаланиши мумкин.
— Ҳозир маҳалламизда 628 хонадонда 3000 дан ошиқ аҳоли истиқомат қилаяпти, — дейди «Оқтош» МФЙ фаоли Жуманазар Кенжаев. — Келгуси йили қишлоғимизда яна 20 та намунавий лойиҳа асосида уй қурилиши режалаштирилган.
Ҳа, Яккабоғ туманида бунёдкорлик ишлари авжида. Замонавий пахта тозалаш корхоналари, ғишт заводлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари... Мактаб, коллеж, тиббиёт масканлари кўрган кўзни қувонтиради.
Ободлик, бунёдкорлик, эртанги кунга бўлган ишонч Яккабоғни яшнатмоқда.
Юнус УзоҚов,
«Ўзбекистон овози» мухбири.