талаба ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қилмоқда
Марказий банк томонидан «Ёшларга ипотека, истеъмол ва таълим кредитлари ажратиш ҳамда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
— Республикамиз тижорат банклари томонидан, ёш оилаларга ипотека кредитлари имтиёзли шартлар асосида, яъни Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаси бўйича 3 йиллик имтиёзли давр билан 15 йилдан кам бўлмаган муддатга ажратилмоқда, — дейди Марказий банкнинг Тижорат банклари инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори Азамат Қосимов. — Шунингдек, намунавий лойиҳа бўйича қурилган якка тартибдаги уй-жойлар учун бериладиган ипотека кредитларининг фоиз ставкаси эса 7 фоиз этиб белгиланган.
Бундан ташқари, ёш оилаларга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган мебель, маиший техника ва бошқа товарлар сотиб олиши учун 3 йилгача бўлган муддатга энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари миқдорида истеъмол кредитлари берилмоқда. Фақат фуқаролик паспортининг нусхаси, иш жойидан иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тақдим этилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробари миқдорида 3 йилгача истеъмол кредитлари ажратиш тизими ҳам йўлга қўйилган. Улар Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаслиги керак.
Амалдаги тартибга мувофиқ тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади. Бунда кредитлар чин етимларга, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногирони бўлганларга фоизсиз, талабаларнинг қолган тоифаларига Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаси бўйича ажратилади.
Банк тизимида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида 2008-2012 йиллар давомида ёш оилаларга 643,9 миллиард сўм миқдорида ипотека кредитлари, 287,7 миллиард сўм миқдорида истеъмол кредитлари, шунингдек, 103,0 миллиард сўм миқдорида таълим кредитлари ҳамда ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларга 1,6 триллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилди.
Тадбирда таъкидландики, тижорат банклари томонидан «Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида 286,9 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилди. Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ёш оилаларга 150,4 миллиард сўм миқдорида ипотека, 87,8 миллиард сўм миқдорида истеъмол, шунингдек, 47,3 миллиард сўм миқдорида таълим кредитлари берилган. Банклар томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадларига жорий йилнинг ўн ойи давомида 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 баробар кўп ёки 116,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратилган.
Анжуманда, шунингдек, тижорат банкларининг масъул ходимлари томонидан мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.