Президентимизнинг «Қишлоқ туманлари ва шаҳарлари аҳолисини сифатли ичимлик сув билан таъминлашни янада яхшилаш ва табиий газдан тежамли фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг шу даври мобайнида 122 километр сув йўллари тортилиб, давлат бюджетидан 10 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.
Ер ости сув йўлларини излаб топиш ва улардан самарали фойдаланиш натижасида Бойсун туманидаги Работ, Бибиширин, Газа, Кўчкак, Сангчил ҳамда Шўроб қишлоқларига қувурлар ёрдамида ичимлик суви олиб келинмоқда. Туман аҳолиси асосан Авлод қишлоғи ҳудудидаги булоқ сувидан фойдаланарди. Баҳор ойларидаги сел тошқини пайтида бу ерда катта муаммоларга дуч келиниб, сув таъминотида узилишлар бўлиб турарди. Бу муаммолар ҳам бартараф этилди. Давлат бюджетидан ажратилган 162 миллион маблағ ҳисобига селсув йўллари қисман ўзгартирилиб, Хангоронсой ичидаги булоқ атрофи бетон тўсиқлар билан ўралди. Шунингдек, 300 метр масофага янги темир қувурлар ётқизилиб, сув мосламалари ортиқча моддалардан тозаланди.
Бойсун туманида ичимлик суви танқис бўлганлиги боис, туман ҳудудидан 20-25 чақирим узоқликдаги Хўжамайхона сувини олиб келиш борасида кўп ҳаракатлар бўлган. Президентимизнинг Хўжамайхона ичимлик сувини Бойсун туманига ўтказиш ҳақидаги қароридан сўнг бу борада амалий ишларга киришилди. Лойиҳа ишлари тўлиқ амалга оширилганидан сўнг шаҳар аҳолиси ҳамда 22 та аҳоли пункти ичимлик сувидан тўлиқ баҳраманд бўлади.
Айни пайтда Термиз шаҳрининг «Алишер Навоий», «Тараққиёт», «Ат-Термизий», «Ибн Сино», «Рудакий» сингари кўчаларидаги ичимлик суви тармоқларини мукаммал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Мазкур лойиҳа 2015 йилга қадар амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг учун жами 18,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилмоқда.
— Термиз шаҳрида 18 километр узунликдаги оқова сув тармоғи таъмирланиши баробарида 8,86 километр реконструкция ишлари ҳамда 9,14 километр масофада янги тармоқ қурилиши амалга оширилади, — дейди вилоят Сувоқова ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи Юсуф Менглиев. — Бу борадаги ишлар Шўрчи, Ангор, Жарқўрғон туманларида ҳам давом эттирилмоқда.
Абди ҚОДИРОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.