фойдаланиш давр талаби
«Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси томонидан «Истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришда қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, энергия тежашга доир чора-тадбирлар ва эришилган натижалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Энергетика ва автоматика институтининг масъул ходимлари иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда энергетика соҳасининг ёқилғи-энергетика балансида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада табиий газдан фойдаланишни қисқартириш, атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаётир.
— Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2013 йил 1 мартдаги «Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил қилиш тўғрисида»ги Қарорининг эълон қилиниши мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга асос бўлди, — дейди «Ўзбекэнерго» ДАК раиси ўринбосари Рўзиқул Раимов. — Ушбу фармон ва қарор қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳар-хил турларидан кенг миқёсда фойдаланиш, айниқса, қишлоқ жойларида ёки бориш қийин бўлган олис ҳудудларда жойлашган объектларнинг энергия билан таъминлаш борасидаги қатор муаммоларни ҳал қилиш имконини бермоқда.
Шунингдек, компания томонидан фармон ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий соҳа объектлари, масалан, Фарғона ва Наманган шаҳарларидаги Меҳрибонлик уйларига, Андижон шаҳридаги «Камқонли болаларни соғломлаштириш уйи»га компания томонидан қуёш энергиясидан фойдаланувчи қурилмалар, фотоэлектрик панель ва коллекторлар ўрнатилди.
Бундан ташқари, қишлоқ врачлик пунктларининг электр таъминотини яхшилаш ва иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятининг айрим туманларидаги ўнта қишлоқ врачлик пунктларига электр энергияси ишлаб чиқарувчи қуёш мосламалари ўрнатилди. Шунингдек, Сирдарё иссиқлик электр станцияси чорвачилик комплекси суткасига 240 метр куб биогаз ишлаб чиқарувчи қурилма билан таъминланди. Хоразм электр тармоқлари корхонаси ва Навоий иссиқлик электр станцияси чорвачилик комплексларига ҳам турли ҳажмдаги биогаз ишлаб чиқарувчи қурилмалар ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.
Бу каби тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2015 йилда ёқилғи-энергетика балансини диверсификация қилиш режалаштирилмоқда. Натижада йилига бир миллиарддан ортиқ куб метр табиий газ тежалади, электр энергияси ишлаб чиқаришда ёқилғи сарфи 13 фоизга, атмосферага чиқадиган зарарли моддалар 10 фоизга камаяди.
Анжуманда таъкидландики, компания корхоналарига бириктирилган касб-ҳунар коллежларида муқобил энергия манбалари бўйича моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида компания томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент иссиқлик электр станциясига бириктирилган Қибрай энергетика касб-ҳунар коллежи, Бухоро электр тармоқларига бириктирилган Шофиркон саноат ва ижтимоий-маиший касб-ҳунар коллежи, Тахиатош иссиқлик электр станциясига бириктирилган Тахиатош энергетика касб-ҳунар коллежи, Фарғона иссиқлик электр марказига бириктирилган Фарғона саноат коллежида ўқув лабораториялари ташкил қилиниб, фойдаланишга топширилган.
Бир сўз билан айтганда, қуёш, шамол, биогаз каби табиий ресурслар асосида ишлайдиган замонавий технологияларни кенг қўллаш истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Тадбирда соҳанинг масъул ходимлари томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.