аҳоли даромади ошишига хизмат қилади
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Республикада иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш, тадбиркорлар ва аҳолининг хабардорлигини кенгайтириш, уларнинг биржа операцияларида фаол қатнашувини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
— Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, республика фонд бозори, хусусан, иккиламчи фонд бозорини янада ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби вазифалар белгилаб берилган, — деди Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Бош директори Баҳодир Атаханов. — Бугунги кунда акциядорлик жамиятлари ўз қимматли қоғозларини чиқариш ва уларни фонд биржаси савдолари орқали жойлаштириш ҳисобига корхонанинг ривожланиши учун ички ва ташқи капитал бозоридан чекланмаган миқдорда инвестиция ресурсларини жалб қилишлари мумкин. Ўтган давр мобайнида 30 мингдан ортиқ давлат корхоналари хусусийлаштирилиши натижасида, айни пайтда қарийб 1300 та акциядорлик жамиятлари фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан умумий қиймати 9,5 триллион сўмдан ортиқ акциялар муомалага чиқарилиб, 1,2 миллиондан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар акциядорлик жамиятларининг акциядорларига айланди. Шу билан бирга профессонал фаолиятни юритиш бўйича жами 145 та лицензиялар берилди.
Жорий йилнинг II чорагида рўйхатга олинган акциялар эмиссияси I чоракка нисбатан 1,4 маротабага, яъни 190,6 миллиард сўмга кўпайишига эришилган. Шунингдек, фонд бозори ривожланишининг охирги 10 йиллик таҳлили биржа битимлари ҳажмининг сезиларли ўсганлигини кўрсатмоқда. 2002 йилдан буён бу кўрсаткич 10 баробарга ошган. Буни ўтган йилда биржа битимлари ҳажми 171,0 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этганидан ҳам кўриш мумкин.
Республика фонд биржаси расмий листингига кирган акциядорлик жамиятлари акцияларининг бозордаги капиталлашуви жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 5,2 триллион сўмга етиб, фонд биржасида муомалада бўлган барча қимматли қоғозларнинг умумий бозор капиталлашувининг 56,4 фоизини ташкил этмоқда. Ҳозирда республика миқёсида савдо ташкилотчилари, брокерлик компаниялари, икки поғонали депозитарий тизими ҳамда 140 дан ортиқ инвестиция институтларини ўз ичига олувчи фонд бозорининг махсус инфратузилмаси фаолият кўрсатаяпти.
Қўмита ва Корея фонд биржаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорини модернизациялаш бўйича тузилган Бош шартномага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фонд бозори учун Ягона дастурий-техник мажмуасини етказиб бериш ва жорий этишни таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу мажмуа фонд бозорида битимларни тузиш ва расмийлаштиришни интернет технологиялари воситасида электрон шаклда амалга оширади.
Тадбирда қўмитанинг масъул ходимлари томонидан мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.