имкониятлари кенгаймоқда
Қулай инвестициявий муҳит шароитида фаолият юритаётган Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонаси Ўзбекистон номини дунёга танитиб, давлатимизга хорижий инвестициялар жалб этилишига хизмат қилмоқда.
Фаолият кўлами тобора кенгайиб бораётган ушбу ҳудудда ўтган вақт мобайнида 12 та янги корхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2012 йилда улар томонидан 80 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 2015 йилга қадар умумий қиймати 270 миллион АҚШ долларилик яна 24 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган.
Маълумки, юртимизда автомобилсозлик саноати жадал тараққий этмоқда. Натижада иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган табиий газ ёнилғисига ҳам талаб ортмоқда. Бу эса ўз навбатида, автомобиллар учун газ баллонлари ишлаб чиқарувчи саноат тармоқлари ташкил этилишига асос бўлаяпти.
Яқинда ҳудудда автомобиллар учун юқори босимли газ балонлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона ишга тушди. Энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхонада 55 литрдан 154 литргача бўлган юқори босимли метан газ балонлари ишлаб чиқарилади.
— Ҳозирги кунда бу ерда 100 нафар киши иш билан таъминланди, — дейди қўшма корхона инженер-технологи Саидолим Саидаҳроров. — Корхонамиз йилига 120 минг дона газ балон ишлаб чиқариш қувватига эга. Шу пайтгача республикамизга юқори босимли метан газ балонлари, асосан, хориждан келтириларди. Эндиликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот ички эҳтиёжларимизни қондириш билан бирга уларни қўшни давлатлар, жумладан, МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилиш имкониятини беради. Келажакда ушбу заводда нафақат метан, балки, пропан, бутан ва кислород газ балонлари ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.
Илҳом САТТОРОВ,