05.09.2013

БЎЛҒУСИ ДЕПУТАТ, ЕТАКЧИ, СИЁСАТЧИЛАР

билим ва маҳорат синовига тайёр

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 380 минг аъзоси бор. Уларнинг 30 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Партия ташкилотлари партиямиз сафидаги йигит-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, билимларини мустаҳкамлаш, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуларини шакллантириш борасида кенг қамровли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Айниқса, олти йилдан буён ўтказиб келинаётган ­«Ёш сиёсатчи» танлови партиянинг ёш фаоллари сафини кенгайтириш, улар орасидан бўлғуси етакчилар, депутатларни профессионал жиҳатдан тайёрлаб боришга хизмат қилиб келмоқда.

Танловнинг бу йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичлари жуда қизғин беллашувлар асосида ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, 14 нафар энг билимли, зукко, ҳозиржавоб ёш сиёсатчи кўрик-танловнинг вилоят босқичида ғолиб чиқиб, республика бос­қичида иштирок этиш ҳуқу­қини қўлга киритган эди. Кеча улар Тошкент шаҳрига етиб келишди. «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари, танлов қатнашчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб, ЎзХДП фракцияси аъзолари билан учрашишди, парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёни билан танишишди. Уларни қизиқтирган саволларга депутатлар батафсил жавоб беришди. Шунингдек, партиямизнинг ёш фаоллари пойтахтимиздаги Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройи, Маърифат маркази ва Симпозиумлар саройи, «Бунёдкор» футбол стадионида ҳам бўлишди.

Бугун танлов иштирокчилари беллашувларни бошлайди. Танлов эртага  давом этади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: