29.08.2013

Мен нега ЎзХДПни танладим!?

Гулҳаё Маъруфова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби:

— Мамлакатимизда бўлаётган янгиланиш жараёнини мунтазам кузатиб бораман. Ўзгаришларнинг туб моҳиятини англаш, мақсадини тушунишга ҳаракат қиламан. Айниқса, кейинги йилларда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, сиёсий партия­лар фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қатор қонунлар қабул қилиниб, улар жамиятда фикрлар, қарашлар хилма хиллигини ривожлантиришга хизмат қилаяпти.

Бир масалани ечиш учун турли ёндашувларнинг илгари сурилиши, ҳар хил фикр­ларнинг билдирилиши демократиянинг муҳим белгиларидан биридир. Бу жуда қизиқ жараён. Бирор бир масала, воқеага нисбатан ҳар хил фикрларнинг билдирилиши, турли позицияларнинг илгари сурилиши, ўртада баҳс-мунозара бўлиши энг тўғри йўлни танлаб олишга хизмат қилади.

Мен ҳам келгусида ана шу жараёнларда фаол иштирок этишга қарор қилганман. Узоқ вақт кузатувлардан сўнг, фикрларим ғояларига мослиги сабабли Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлдим.

Партиянинг Сайловолди дастури, мақсад ва вазифалари билан яна бир бор яқиндан танишар эканман, орзуларимга эришиш ишончи янада мустаҳкамланди. Жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлари ЎзХДПга бўлган интилишимни янада оширди.

Келажакда танлаган соҳам бўйича етук мутахассис бўлиб, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: