Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги «Шаҳрихонсой» шаҳарча фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Тожибархон Юлдошевага умр дафтарини варақлаш фахр-ифтихор бағишлайди.
У Андижон давлат педагогика институтининг инглиз тили факультетини тугатиб, ўзи таълим олган Хўжаобод туман марказидаги 1-мактабда инглиз тилидан дарс бера бошлади.
Иш бошлаган дастлабки кунлариданоқ ўз устида ишлаш, ўқувчилар билан дарсдан кейин ҳам тўгарак машғулотлари олиб боришни одат қилди. Унинг ўқувчилари туман, вилоятда ўтказилган фан олимпиадаларида юқори ўринларни қўлга киритди. 1993 йилда уни 19-мактабга ўтказишди. 2004 йилгача шу мактабда ёш авлодга сабоқ берди, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлади.
1993-2006 йилларда туман ҳокимлигининг тавсияси билан жамоатчилик асосида «Кўтарма» маҳалла хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб фаолият кўрсатди. Бу маҳалла «Энг намунали маҳалла» кўрик-танловининг вилоят босқичида совриндор бўлди.
Тожибархон меҳнатлари қадрланаётганига қарамай, ўз ишидан қониқмас, аҳоли ўртасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларидан кўнгли тўлмас эди. Шу боис маҳаллада оталар, оналар кенгашларини ташкил этиш ташаббуси билан чиқиб, биринчи бўлиб ўз маҳалласида уни жорий этди. Бу тадбир самарасини бера бошлади: оилавий ажралишлар камайди. Оилаларда бўлиб турадиган муросасизликлар, нотинч ҳолатлар барҳам топди.
Маҳаллада сабзавот кўчати етиштириш билан шуғулланмайдиган хонадон деярли топилмайди. Оилавий тадбиркорлик оилавий бюджет мустаҳкамланиб бориши ҳаётий зарурат экани амалда кўринмоқда. Маҳалладаги хонадонларнинг ҳар учтасидан иккитаси енгил автомашинага эга.
Ҳудуддаги соғлом маънавий муҳит маслаҳатчи Тожибархон Юлдошевага янги куч, қанот бағишламоқда. У 2007 йилда энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи кўрик-танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллади. Шу йили у «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Яқинда Тожибархон опа Президентимизнинг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимидаги ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига биноан «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор бўлди.
— Мустақиллик шарофати билан кейинги 20 йиллик фаолиятимда 2 марта давлат мукофотига муносиб кўрилдим, — дейди у. — Бу аввало, Президентимизнинг биз хотин-қизларга бўлган ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир.
Тожибархон Юлдошева турмуш ўртоғи Бахтиёржон Юлдошев билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Болаларининг ҳаммаси олий маълумотли, уйли-жойли. У «Мен бахтли аёлман» дея баралла айта олади. Бу бахт, ҳаётдан мамнунлик ва шукроналик эса кишини янада улуғ мақсадлар сари етаклайди.
Ортиқпўлат БОБОЖОНОВ,
ЎзХДП Хўжаобод туман кенгаши раиси ўринбосари.