Бугунги кунда дунёда замонавий ахборот технологияларининг жадал ривожи, ахборот оламининг шиддатлилиги ва глобал техник хизмат кўрсатиш имкониятларининг кенгайиб боpиши мамлакатимизда фаолият юритаётган тижорат банкларидан ўз мижозлари учун қулай ва ишончли электрон ҳисоб-китоблар тизимига асосланган банк хизматлари турларини таклиф этишни талаб этмоқда. Айниқса, ушбу жараёнда мамлакатимизда йил сайин оммалашиб бораётган ҳамда ўзининг қулай имкониятларини намоён этаётган нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг жисмоний шахслар иштирокида электрон тарзда амалга ошириладиган пластик карточкаларга асосланган тўлов тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар механизмини ривожлантириш, аҳолининг банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш учун кенг имконият ва қулайликлар яратиб берилмоқда.
Мазкур ишларни амалга оширишда Президентимизнинг «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ушбу тизим иштирокчилари олдига қатор муҳим вазифаларни қўйган.
Ушбу қарорда мамлакатимизда пул муомаласи тизимини янада такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантиришни рағбатлантириш ва банкдан ташқари нақд пул айланмасини қисқартириш, аҳолининг банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда илғор банк технологияларини жорий этиш асосида хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш назарда тутилган.
«Қишлоқ қурилиш банк» очиқ акциядорлик тижорат банки (ОАТБ) томонидан пластик карточкалар тизимини янада жадаллаштириш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимликлари, манфаатдор идоралар, компаниялар, уюшмалар билан биргаликда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Банк томонидан 2013 йил 1 май ҳолатига кўра муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 243 873 тани ташкил этди.
Эътиборлиси шундаки, ҳозирги кунда иш ҳақи лойиҳаси асосида банк мижозлари таркибидаги 600 дан ортиқ корхона ва ташкилот ходимлари учун 210 810 дона пластик карточка муомалага чиқарилган.
«Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ томонидан муомалага чиқарилган жами пластик карточкалар таркибида ойлик иш ҳақи лойиҳаларидаги пластик карточкаларнинг улуши 86,4 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, бугунги кунда банк томонидан терминаллар тармоғини кенгайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
«Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ томонидан 2013 йил 1 май ҳолатига кўра, банк мижозлари таркибидаги 4177 турғун савдо, умумий овқатланиш ва пуллик хизмат кўрсатиш корхоналарига электр энергияси, газ, иссиқ ва совуқ сув ҳамда бошқа тўловларни қабул қилишни ташкил қилиш учун жами 6 318 та терминал ўрнатилган.
Банк томонидан пластик карточкаларга туну кун хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида 26 та инфокиосклар жойлаштирилган. Улар орқали республикамиз ҳудудида барча турдаги тўловлар, жумладан, коммунал, уяли алоқа операторлари ва интернет провайдерлар хизматлари учун 24 соат давомида тўловларни амалга ошириш имконияти яратилди.
2013 йилнинг 1 май ҳолатига терминаллар орқали қабул қилинган тўловлар сони 4 715,5 мингтани, ўтказилган тўловлар суммаси эса 197,9 млрд. сўмни ташкил этди.
«Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ томонидан пластик карточкалар орқали хизмат сифатини ошириш мақсадида «Smart-Vista» карточкаларидан фойдаланувчиларга замонавий «SMS-Banking» хизмат тури жорий этилди. Бунда пластик карточкаларга пул маблағлари келиб тушганда ва улар орқали тўлов ўтказилганда шу заҳотиёқ пластик карточка эгасининг уяли телефонига SMS хабар юборилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, реал вақт режимида ишловчи «Smart-Vista» пластик карточкалар билан амалга ошириладиган операциялар учун янада қулайлик яратиш ва улар орқали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Ягона умумреспублика процессинг маркази, «UzMobile» алоқа оператори малакали мутахассислари билан биргаликда CDMA-450 тизимида ишловчи модемларни мавжуд савдо терминалларига улаш ва тўловларни амалга ошириш юзасидан синовлар муваффақиятли ўтказилган ва банкнинг барча мижозлари ушбу қурилма билан тўлиқ таъминланган. Бунинг натижасида, банк савдо терминалларида «Smart-Vista» пластик карточкаларини тўловга қабул қилишнинг тўлиқ имконияти яратилган.
Банк ахборот хизмати.