25.05.2013

ЁШЛАР ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги ҳузу­ридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комис­сия, вилоят прокуратураси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ҳамкорлигида «Ёшларнинг ижтимоий муҳофа­засини таъминлашда янги имкониятлар» мав­зуида ўтказилган тадбирда касб-ҳунар коллеж­лари битирувчилари, академик лицейларда таълим олаётган тўрт мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Анжуман давомида ёш­ларнинг таълим жараёнига бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида шаҳарнинг Регистон майдонида коллежлар қошида очилган энг намунали 350 та тўгараклар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

— Коллежимизда фаолият юритаётган тикувчилик тўгарагида икки йилдан бери ҳунар ўрганяпмиз, — дейди Қўшработ маиший-хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Динора Норқўзиева. — Ҳозир тикиш-бичишни анча ўрганиб олдим. Бўш вақтларимда қишлоқдошларимдан буюртма олиб, тикувчилик қилаяпман.

Тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ўтказилди.

— Ярмаркада вилоятда­ги 367 та ташкилот ва корхоналар 4997 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди, — дейди вилоят аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бў­лим бошлиғи Н.Баҳримов. — Меҳнат ярмаркасида коллеж битирувчиларининг 371 нафари ишга жойлашиш учун йўлланма олди. 318 нафар йигит-қизга келгусида мос касблар ҳамда турдош касблар бўйича иш топиш учун ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.

— Ўтган йили Иштихон қу­рилиш касб-ҳунар коллежини битиргандим, — дейди Жамшид Зиядуллаев. — «Иштихон чарм пойабзал» масъулияти чекланган жамиятига ҳисобчи вазифа­сига ишга кирдим. Корхона мен яшайдиган ҳудуд яқинида жойлашган, ойлик маошлари ҳам кўнгилда­гидек.

Абдували ХУДОЁРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: