Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш, ҳудудий саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш ва уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу Андижон шаҳрида ўтказилган Ҳудудий саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ҳам яққол намоён бўлди.
Ярмаркада вилоятдаги 190 корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган 800 дан зиёд турдаги маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматлар намойиш этилди. Бундан ташқари, унда Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Анъанавий ярмаркада юртимиз автомобилсозлик саноатининг етакчи корхонаси бўлган «GM-Ўзбекистон» автомобиль заводига бутловчи қисмлар ва жиҳозлар етказиб берувчи корхоналар маҳсулотлари алоҳида ўрин эгаллади.
— Корхонамизда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун 70 турдан зиёд бутловчи қисм тайёрланади, — дейди «Ўз-СэМюнг Ко» Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасининг маҳаллийлаштириш бўлими муҳандиси Одилжон Каримов. — Айни пайтда корхонамизда «Laсetti» русумли автомобиллар учун ёнилғи баки ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Тез орада мазкур лойиҳа тўла амалга оширила бошлайди.
Ярмаркада намойиш этилган озиқ-овқат, саноат, трикотаж маҳсулотлари, спорт жиҳозлари, уй-рўзғор буюмлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айни вақтда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида бажарилаётган ишлар, корхоналарнинг модернизация қилиниши, ишлаб чиқаришга янги технологияларнинг жорий этилиши натижасида вилоятда тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ошиб бораётир.
— Корхонамизда 50 хилдан зиёд эркаклар, аёллар ва болалар пойабзали ишлаб чиқарилади, — дейди «And Chin invest» қўшма корхонаси раҳбари Диёрбек Ҳакимов. — Хорижий технология асосида тайёрланаётган маҳсулотларимизнинг сифати юқорилиги боис уларга талаб катта.
Ярмаркада «SDP Group And», «Krаv teks», «Barchinoy», «Kezar», «Rash milkc», «Фусункор», «Андижончарм» каби корхоналар томонидан тақдим этилган қурилиш материаллари, электротехника, енгил ва автомобиль саноати, трикотаж ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўпчилик буюртмачиларнинг эътиборини тортди. Тадбир давомида йирик саноат корхоналари ва кичик корхоналар, хусусий тадбиркорлар ўртасида кўплаб шартномалар тузилди.
— Ишлаб чиқариш корхоналарининг ярмаркадаги иштироки ўтган йилгига нисбатан анча салмоқли бўлди, — дейди вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бўлими бошлиғи Ғолибжон Равшанбеков. — Ўтган йилги ярмаркада 162 корхона иштирок этиб, қарийб 8,5 миллиард сўмлик шартномалар тузилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 9 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этди.
Самарали ўтган ярмарка нафақат ишлаб чиқарувчилар, балки юзлаб чакана ва улгуржи савдо корхоналари вакилларига ҳам қулай ва манфаатли ҳамкорлик шартномалари тузиш учун кенг имконият яратди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири.