Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида юртимизда транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш, шунингдек, миллий автомагистрал таркибига кирувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Бугун республикамизнинг автомобиль йўллари тизими қарийб 184000 километр узунликдаги йўллардан ташкил топган. Ундан 42654 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 67274 километри ички хўжалик қишлоқ автомобиль йўллари, 61664 километри қишлоқ ва шаҳар кўчалари, 5462 километри корхоналарга қарашли йўллар, 6631 километри идоравий инспекторлик йўллардир. Булардан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ҳамда таъмирлашни молиялаштириш йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини ҳамда хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари эвазига, хўжалик автомобиль йўлларини молиялаштириш эса тегишли юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги «2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, 2011-2015 йиллар давомида жами 2306 километр автомобиль йўллари, шундан 474 километр цементбетон, 1832 километр асфальтбетон қопламали йўл ҳамда 1910 метр кўприклар ва йўл ўтказгичлар, шунингдек, 7 та транспорт ечимларини қуриш режалаштирилган. Шу билан бирга, 444 та автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун йўл қуриш техникалари ҳамда 24 та ишлаб чиқариш базаларини модернизациялаш кўзда тутилган.
2005 йилда тизимни ривожлантириш учун 31,6 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 40 баробарга ошган ва 1266,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Матбуот анжуманида жамғарманинг масъул ходимлари томонидан журналистларнинг йўл таъмири, сифатига доир саволларга жавоб берилди.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.